Қамчиқ довонидаги бахтсиз ҳодиса: икки киши жабрланди

«Тошкент – Ўш» халқаро автомобил йўлининг 216-километридаги «Қамчиқ» довонида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, натижада икки киши жабрланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган «Lacetti» русумли автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва автомобил ариқга тушиб кетган.

«Бир зумда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бўлими ходимлари воқеа жойига етиб келди. Бир неча дақиқа ичида машина ер юзасига кўтарилди», — дейилади хабарда.

Ҳодиса оқибатида салонда бўлган икки йўловчи жароҳат олган, бироқ уларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилган.

Қайд этиш жоизки, ҳодиса йўлнинг ушбу қисмида автомобиллар ҳаракатига таъсир кўрсатмаган ва аварияни бартараф этиш кечиктирмасдан амалга оширилган.

Фото: «Тошкент-Ўш» халқаро автомобил йўлининг 216-километрида ЙТҲ содир бўлди. «Lacetti» русумли автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб қўйган ва машина чуқурга тушиб кетган