Андижон: 17 киши фастфуддан заҳарланди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларга Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида фуқаролар овқатдан заҳарлангани ҳақида хабарлар келиб туша бошлаган эди.

Вилоят СЭС вакиллари воқеа ҳолатларини ўрганиб чиқиб, 6 июл куни соат тахминан 12:10ларда Қўрғонтепа туманида яшовчи 16 ёшли қиз кўнгил айниши, қусиш ва ич кетиши шикоятлари билан касалхонага ётқизилганини маълум қилди.

Тиббий кўрик давомида касаллик сабаби аниқланган. Маълум бўлишича, у 5 июл куни туман марказида жойлашган «FRESH FOOD 2020» оилавий корхонасига қарашли ошхонадан тортилла солинган бургер сотиб олган.

Шу куни туман юқумли касалликлар шифохонасига яна 16 нафар фуқаро шу каби шикоятлар билан мурожаат қилди. Барчага зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Фуқароларнинг соғлиғи ҳолати шифокорлар томонидан қониқарли деб баҳоланмоқда. Беморларга ўткир гастроэнтерит ташхиси қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 6 июл соат 23:00 ҳолатига кўра, шифохонага жами 37 нафар бемор мурожаат қилган, улардан 17 нафари шифохонада, қолганлари шифокорлар назоратида.

«Шу куни «FRESH FOOD 2020″ оилавий корхонасига қарашли 3 та умумий овқатланиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилиб, овқат тайёрлаш хонаси ва омбордаги маҳсулотлардан намуналар таҳлил қилиш учун лабораторияга юборилди», — дейилади хабарда. дейди.

Андижон шаҳрида фастфуддан оммавий заҳарланиш факти бўйича Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитария қонунчилигини ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда 50 дан 100 бараваригача жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.