Андижонда 8-синф ўқувчиси фирибгарликда гумон қилинмоқда

Маълум бўлишича, талаба фуқароларни алдаб, уларнинг пулларини олгач, «PUBG» онлайн ўйинига сарфлаган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро Д.И. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, фирибгар тузоғига тушиб, пулини йўқотиб қўйганини маълум қилди.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, номаълум шахс унга Telegram мессенжери орқали «Омад шоу» кўрсатувида пул ютганлиги ҳақида хабар юборган. Фирибгар ютуқни банк пластик картасига ўтказиб беришини ваъда қилган.

Ўз навбатида фуқаро унга банк картаси ҳақида маълумот берган. Бироқ «ютуқ»ни тўлаш ўрнига фуқаронинг пластик картасидан миллион сўмга яқин пул ечиб олинган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Андижон вилоятида яшовчи 8-синф ўқувчиси 15 ёшли О.X. содир этганлиги маълум бўлди. У ҳибсга олинган.

Аниқлик киритилиши натижасида маълум бўлишича, О.X. ўнлаб фуқароларни худди шундай алдаб, олинган пулларни «PUBG» онлайн ўйинига сарфлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.