Андижонда ЙТҲ: 3 киши ҳалок бўлди, 38 киши тан жароҳати олди

Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида яна бир ҳалокатли ЙТҲ содир бўлди.

Йул-транспорт ҳодисаси 26-ноябр куни эрталаб соат 9:30 атрофида Андижон вилоятининг Бўстон тумани ҳудудидаги А373 автомобил йулининг 391-километрида содир бўлган.

Икки автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлди, юк машинаси ва ИСУЗУ автобуси тўқнашиб кетди. Бахтсиз ҳодиса автобуснинг қарама-қарши бўлакка чиқиб кетгани сабабли содир бўлган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ЙТҲ оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 38 киши жароҳатланган.

38 нафар йуловчи турли тан жароҳатлари билан Бўстон тумани тиббиёт бирлашмасига етказилган. Уларнинг аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида.

Уч нафар бемор операция қилинди. Тиббий кўрикдан сўнг жабрланганларнинг 17 нафари Шаҳрихонга, 10 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Андижон вилояти филиалига йуналтирилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигида жойларда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бўстон тумани тез тиббий ёрдам бўлимида 11 киши тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, 3 нафари операция қилинган.