Андижонда прокурор ёрдамчиси пора олаётган вақтида қўлга олинди

10 июл куни Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани прокурори ёрдамчиси 1500 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган вақтида “қайноқ” қўлга олинди.

Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Андижон вилоят прокуратураси Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида ёрдамчи процессуал тартибда қўлга олинди.

Юқоридаги ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021-йил август ойида ободонлаштириш бошқармаси ходимларидан ўз уйида ишлаган Қўрғонтепа тумани прокурори Сардор Ражаббоев ўз лавозимидан четлатилган эди.