Қашқадарёда икки нафар бола номаълум касалликдан вафот этди

Қашқадарё вилоятида вафот этган икки боланинг касаллигини шифокорлар аниқлай олмади.

Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида бир бола номаълум касалликдан вафот этди. 6 ёшли қизнинг амакиваччаси 4 ёшли бола 2022-йил 20-июн куни номаълум касалликдан вафот этган. Аввалроқ бола оғир аҳволда шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган эди.

Шифокорлар болани бир неча кун текшириб, касалликни аниқлай олмадилар. Самарқандлик шифокорлар ҳам ташхис қўя олмади.

Орадан бир кун ўтиб унинг амакиваччаси, бола билан бир ҳовлида яшовчи 6 ёшли қизнинг ҳам иштаҳаси йўқолиб, туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Яқинларининг сўзларига кўра, 23 июнга ўтар кечаси 6 ёшли қизалоқ вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Ғузорда 4 ёшли боланинг номаълум касалликдан вафот этганига муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, вазирлик томонидан малакали профессор-ўқитувчилар ва шифокорлардан иборат махсус тиббиёт бригадаси тузилиб, зудлик билан Ғузор туманига юборилган.

-“Вазиятни ўрганиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан малакали профессор-ўқитувчилар ва шифокорлардан иборат махсус тиббий бригада тузилиб, зудлик билан Ғузор туманига юборилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазиятни назоратга олди. Ўрганиш бўйича батафсил маълумотлар берилади”, — дейилади хабарда.