Қашқадарёда мансабдор шахс ўлим билан якунланган ЙТҲ содир этди

Қашқадарё вилоятида Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ўлим билан якунланган ЙТҲ содир этди. ОАВ маълумотларига кўра, тўйдан кейин амалдор маст ҳолда рулга ўтирган.

Маҳаллий “Nasaf News” нашри хабарига кўра, ЙТҲ 30 июл куни соат тахминан 23:50ларда, Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов Қарши шаҳридан Нишон тумани томон ҳаракатланаётган вақтда содир бўлган.

Амалдор одамни йиқитди, бахтсиз ҳодиса натижасида 49 ёшли эркак вафот этди. Ҳоким ўринбосарининг ўзи бахтсиз ҳодиса содир этганини тан олди.

ОАВ маълумотларига кўра, тўйдан кейин маҳаллий ҳукумат вакили маст ҳолда рулга ўтирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан иш қўзғатилган, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.