Қашқадарёдаги газ қуйиш шохобчасида автомобил портлаб кетди, бир киши жароҳат олди

Ёқилғи қуйиш шохобчасида автомашинада газ портлаши натижасида бир киши жабрланди, машина ўралган металл уюмига айланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳайдовчиларни автотранспорт воситаларини мунтазам техник кўрикдан ўтказишга ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақиради.

Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарига кўра, бугун, 6-май куни соат 09:30да Муборак туманидаги Кончилар МСГ ҳудудида жойлашган «Автогаз» ёқилғи қуйиш шохобчасида Nexia 2 русумли автомашинага газ қуйиш вақтида портлаш содир бўлган.

Автомобил ёнида бўлган 1 нафар фуқаро енгил тан жароҳатлари олиб, зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига етказилган. Машинанинг ўзи буралган металл уюмига айланди.

Ҳозирда тегишли идоралар суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча ҳайдовчилардан транспорт воситаларини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказишни ҳамда барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилишни сўрайди.