Бетон аралаштиргич билан авария: ҳайдовчи вафот этди

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидаги Истиқлол кўчасида «Matiz» русумли автомобил қарама-қарши йўлакда ҳаракатланаётган бетон аралаштиргич билан тўқнашиб кетди. Автомобил ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган.

Йўл-транспорт ҳодисаси 29-июл куни соат 13:00 атрофида содир бўлган, деб хабар берди Тошкент шаҳар ИИБ. Дастлабки маълумотларга кўра, 20 ёшли Ш.X. тезлик чегарасидан сезиларли даражада ошиб кетиб бошқарувини йўқотиб, бошқарувидаги «Matiz» русумли автомашинаси қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва 30 ёшли Д.Д. бошқарувидаги бетон аралаштиргичга бориб урилган.

Тўқнашув натижасида Matiz ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Йтҳда бетон аралаштиргич ҳайдовчиси жабрланганми ёки йўқми, полиция бўлими аниқлик киритмади.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан транспорт воситасини бошқариш ёки ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, натижада одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.