ДХХ ходимлари 1,6 миллион долларлик нақд валютанинг ноқонуний олиб кирилишини тўхтатди

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари хорижий валюта контрабандачиларининг фаолиятини тўхтатиб, олти нафар Қирғизистон фуқаросини қўлга олди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган ва Андижон вилоятлари бўйича тезкор ходимлари томонидан йирик миқдордаги хорижий валютани ноқонуний олиб ўтиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани чегара ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1990-йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина тўхтатилиб, кўрикдан ўтказилган. Кўздан кечирилганда, автомашина ичидан протсессуал тартибда расмийлаштирилган 968 900 АҚШ доллари аниқланган.

Кейин унинг муқаддам судланган шериги, 1964-йилда туғилган, қурилиш материаллари бозори ҳудудида уни кутиб турган “Дамас” русумли автомашинасининг салонида яна 672 206 доллар борлиги аниқланган.

Бундан ташқари, жиноий гуруҳ раҳбари, Ўзбекистонда вақтинча истиқомат қилган 1974-йилда туғилган Қирғизистон фуқароси Тошкент шаҳрида, гуруҳга а’зо бўлган яна беш нафар Қирғизистон фуқароси Андижон шаҳрида қўлга олинди.

Олиб борилган тезкор тадбир натижасида 1 миллион 641 минг 106 АҚШ долларининг мамлакатимиздан ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.