ДХХ томонидан ер участкаларини ноқонуний сотиш бўйича қатор қўлга олиш ишлари олиб борилди

Самарқанд, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида ДХХ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ер сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1988-йилда туғилган фуқаро маҳаллий тадбиркордан шаҳар ҳудудидан иссиқхона қуриш учун ажратилган 50 сотих ер майдонига эгалик ҳуқуқини расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг доллар талаб қилган. 20 000 АҚШ доллари миқдоридаги аванс тўловини олгач, Давлат хавфсизлик хизмати ва департамент ходимлари томонидан қўлга олинди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида ноқонуний савдо билан шуғулланган яна бир шахс, сотилаётган ер участкасига эгалик қилган МЧЖ таъсисчиси ҳам қўлга олинди.

Яна бир ҳолатда, Иштихон туманида яшовчи 1997-йилда туғилган, боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари билан келишиб, ундан 8,5 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 84 миллион сўм олгани қўлга олинди.

Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида яшовчи 1980-йилда туғилган фуқаро ўзини Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги балиқчилик хўжалиги раҳбариман деб таништириб, юқори мартабали танишлари ёрдамида мижозга 244-гектар фермер хўжалиги ерининг номига ўтказишга ваъда берган. У Қорақалпоғистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан 250 миллион сўм аванс пулини олаётган вақтда қўлга олинди.

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги фермер хўжалиги раҳбари 15 гектар фермер хўжалиги ерини 38 минг долларга сотишга қарор қилди. У харидордан 10 минг долла олаётган вақтда қўлга олинди. Яна бир ҳолатда, муқаддам судланган икки нафар фуқаро Янгиер шаҳридан 3 гектар ер майдонини мижоз номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Иккаласи ҳам 9 минг доллар олаётган вақтда қўлга олинди.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.