Фарғона бозоридаги можаро — ИИБ шарҳи

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизматидан маълум қилишларича, Фарғона шаҳрининг Бозорбоши ва Саноат кўчалари чорраҳасида 10 га яқин заргарлик дўкони фаолият юритмоқда. Бу ерда ошхона ҳам мавжуд.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўзларига кўра, овқатхонага кираверишда иккита заргарлик дўкони жойлашган. Ошхона ходимлари ва заргарлар ушбу дўконларнинг жойлашуви борасида мунтазам равишда тўқнаш келишади. Хусусан, жорий йилнинг феврал ойида улар навбатдаги можаро уюштиришди. Натижада ИИБ ходимлари 6 кишини қўлга олди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан баённома тузилди.

10 август куни улар заргарлик дўконини ноқонуний равишда бузишга қарор қилишган. Воқеа жойига ички ишлар органлари ходими етиб келиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган. Зарар экспертиза томонидан баҳоланади.

Ҳозирда юқоридаги факт юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.