Фарғонада 90 тупга яқин кўп йиллик қарағай, кул ва мевали дарахтлар кесилди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги “Қирккетмон” маҳалласида электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан 90 тупга яқин кўп йиллик дарахт кесилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев тегишли видеолавҳани эълон қилди.

Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан маълум қилишларича, туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари рухсатнома олмасдан манзарали ва мевали дарахтларни кесиб ташлаган. Уларнинг фикрича, дарахтлар электр тармоғига тегиб кетган ва бу инсон саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдирган.

Текширув давомида туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан 87 тупдан ортиқ дарахт, жумладан, 48 туп кўп йиллик қарағай, 9 туп кул ва 30 туп мевали дарахт кесилгани маълум бўлди.

Етказилган зарар 856,5 миллион сўмни ташкил қилди. Йиғилган ҳужжатлар Фарғона вилоят прокуратурасига ўтказилди.