Фарғонада содир бўлган ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди

Қарши чизиққа кириб, Lacetti билан тўқнашиб кетган Damas йўловчилар билан бирга ағдарилиб кетган. Икки киши воқеа жойида вафот этди, яна икки киши шифохонага етказилди.

13-июл куни соат 18:15 атрофида Фарғона вилояти ҳудудидан ўтувчи 4Р-146-сонли Фарғона-Чимион автомобил йўлининг 5-километрида ўлим билан якунланган ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

22 ёшли Damas ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидасини бузган ҳолда, қарама-қарши бўлакка чиқиб кетган ва у ерда Lacetti билан тўқнашиб кетган, шундан сўнг Damas ағдарилиб кетган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳаётга тўғри келмайдиган тан жароҳатлари олган икки нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган, яна икки нафари энг яқин касалхонага ётқизилган.