Грузия ИШИД етакчиси, собиқ фуқароси ҳибсга олинди

Грузиянинг собиқ фуқароси Малхаз Паксашвили 2013 йилда Грузияни тарк этиб, Сурияга бориб, «Исломий давлат» террорчилари сафига қўшилган.

Грузия махсус хизматлари «Ислом давлати» (ИШИД) террорчилик ташкилоти гуруҳларидан бирининг етакчисини қўлга олди. Бу ҳақда 22-апрел, шанба куни Грузия Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.

Қайд этилишича, бу Грузия фуқароси Малхаз Паксашвили. У 2013 йилда мамлакатни тарк этиб, Сурияга бориб, террорчилар сафига қўшилган.

«2013-2015-йилларда у ака-ука Цезар ва Цискара Тохосашвилиларнинг «ҳарбий амирлари» деб аталган гуруҳи сафида бўлган ва ушбу террорчилик ташкилоти томонидан амалга оширилган жанговар ҳаракатлар ва ҳужумларда фаол иштирок этган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қўлга олинган шахс «Исломий давлат»нинг юқори даражали қўмондонлари билан яқин алоқада бўлган ва гуруҳлардан бирида «ноиб» деб аталган шахс лавозимини эгаллаган.

Малхаз Паксашвили террорчилик ташкилотида иштирок этгани ва террорчилик фаолиятига ёрдам бергани учун 17 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Аввалроқ АҚШ ИШИДнинг Сомалидаги етакчиси Билол ал-Суданийни йўқ қилган эди. У билан бирга яна ўнга яқин жангари йўқ қилинган.