Хоразм ва Жиззахда газ сизиб чиқиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди

Жиззах ва Хоразм туман прокуратураси томонидан фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ҳолатлари юзасидан терговга қадар текширувлар ўтказилмоқда.

Жиззах вилояти Зарбдор туманида 63 ёшли аёл ва унинг икки вояга етмаган набиралари ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда УзНеwс.уз’га Бош прокуратура маълум қилди.

Маълум бўлишича, ЙТҲ 15 ноябр куни соат 08:30 атрофида Зарбдор туманидаги Янгикент МСГ ҳудудида содир бўлган. 63 ёшли аёл ва унинг икки невараси: 14 ёшли О.А. ва 12 ёшли Ч.Т. турар-жойига ўрнатилган вақтинчалик печкадан сизиб чиққан ис газидан заҳарланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бу сўнгги бир ой ичида Жиззах вилоятида ис газидан заҳарланиш оқибатидаги иккинчи ўлимдир. Аввалроқ 34 ёшли аёл ва унинг 5 ва 10 ёшли икки ўғли вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

13 ноябр куни соат 19:30 атрофида Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги уйлардан бирида яна бир фожиа юз берди.

Икки нафар фуқаро 21 ёшли С.Д. ва уйни ижарага олган 15 ёшли Б.Р.лар тайёр печкадан ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (одам ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.