Ички ишлар вазирлиги пойтахт ички ишлар бошқармаси ходимининг ўлдирилишига изоҳ берди

30-ноябр куни соат 00:50 атрофида профилактика инспектори оилавий жанжал туфайли тез чақирув билан Ғалаба маҳалласига етиб келди.

Бу ҳақда 1 декабр куни Ахборот ва оммавий коммуникатсиялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги вакили, полковник Ҳамза Махсумов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, профилактика инспектори оилавий можаро туфайли чақирилган. Воқеа жойига етиб келганида аёлнинг шериги унга икки марта пичоқ уриб ўлдирган.

Эслатиб ўтамиз, 30-ноябр куни соат 00:50 атрофида профилактика инспектори тез чақирув билан Ғалаба маҳалласига келган. Воқеа жойида муқаддам судланган 30 ёшли эркак ички ишлар органи ходимига ҳужум қилиб, воқеа жойидан қочиб кетган. Катта лейтенант воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан иш қўзғатилган.

Кейинроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ИИВ ҳодимининг қотили бўлган шахсни қўлга олгани маълум бўлди.

Матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳам жорий йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистонда 25 нафар ички ишлар органлари ходими ҳалок бўлганини маълум қилди. Улардан 9 нафари бахтсиз ҳодиса натижасида, 16 нафари хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган.

Бундан ташқари, 284 нафар полициячи турли даражадаги тан жароҳатлари олди.