Янгиқўрғон туманида 13 ёшли қиз талон-тарож қилинди

Наманган вилоятида 22 ёшли йигит қизга ҳужум қилиб, унинг телефони ва пулини ўғирлаб кетди.

Ўғрилик Янгиқўрғон туманида, марказий шифохона дарвозаси ёнида содир бўлган.

Ўғри 13 ёшли қиздан нархи 130 минг сўм бўлган “Siccoo” русумли уяли телефони ва 140 минг см нақд пулини олиб кетган, деб хабар қилди Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Ўғрилик 23 декабр куни содир бўлиб, эртасига қизнинг онаси Янгиқўрғон туманида яшовчи 50 ёшли фуқаро ариза билан ИИБга мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан 27 декабр куни Янгиқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисми (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қонунга кўра, жиноят уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.