Чуст тумани ички ишлар бўлимига фуқаро карточкасидан кимдир 9 миллион 785 минг сўм олиб қўйганини айтиб, ариза билан мурожаат қилган.
Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Наманган вилояти ИИБ киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганликда гумонланиб, Янгиқўрғон туманидаги банк филиали мудири қўлга олинди.
Суриштирув жараёнида маълум бўлишича, қўлга олинган шахс банкнинг Чуст филиали паролларини билиб, тизимга кириб, 22 нафар мижознинг банк картасидан 440 миллион сўмни ечиб олган.
У пулни эҳтиёжларига сарфлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан банк ходимига нисбатан 169-модда (Ўғирлик) 3-қисми «а,б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.