Наманганлик фуқаро Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарасида қўлга олинди

Наманганда Давлат хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари 23 ёшли йигитни қўлга олди.

Йигит ижтимоий тармоқларда ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган ва Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган.

Буларнинг барчасини йигит Россияда ишлаётган Шуҳрат исмли дости таъсирида қилган. Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, наманганлик йигит Шуҳрат билан Telegram мессенжери орқали танишиб, у билан дин мавзусида мулоқот қила бошлаган.

Шуҳрат ўз танишига халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий етакчилари, жумладан Абу Салоҳ, Абдулла Зуфар, Содиқ Самарқандийларнинг аудио ва видео ёзувларини тақдим этган.

Наманганлик шахс ўзининг Telegram каналини очиб, ақидапарастлик ғоялари акс этган электрон китоблар, фотосуратлар, аудио ва видеоёзувларни нашр этиши билан ҳуқуқ-тартибот идоралари қизиқиб қолган. Терговдан олдинги текширув вақтида йигит суҳбатга чақирилган, шундан сўнг у барча ҳолатлар аниқлангунига қадар қўйиб юборилган.

Наманганлик йигит Шуҳратга ҳамма нарсани айтди ва у ҳибсга олинмаслик учун дарҳол Қозоғистонга қочишни маслаҳат берди. Йигит Тошкент вилоятига борган, бироқ чет эл паспорти йўқлиги сабабли «Ғишт-Кўприк» халқаро назорат-ўтказиш пунктидан ўта олмаган.

Кейин яна Шуҳратга юзланди, у Фарғона вилоятининг Қува туманига бориб, Қирғизистон чегарасини ўша ерда кесиб ўтишни буюрди.

Йигит айнан шундай қилган, бироқ ўзбек-қирғиз давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлганида қўлга олинган.

Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита наманганлик фуқаронинг каналидаги материаллар юзасидан хулоса чиқарди. Мутахассислар уларда ақидапарастлик ғоялари борлигини тасдиқлашди. Суд айбланувчини тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди.