Қозоғистонда Ўзбекистон билан чегарада ноқонуний миграция билан шуғулланган гуруҳ қўлга олинди

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари Ўзбекистон билан чегарадош Туркистон вилояти божхона постида контрабанда ва ноқонуний миграцияни ташкил қилиш билан шуғулланган бир гуруҳ шахсларни қўлга олди.

Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Гумонланувчилар божхона постидаги коррупция алоқаларидан фойдаланиб, брокерлик хизмати кўрсатиш ниқоби остида қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда товарларни ноқонуний олиб киришни амалга оширган.

Битта юк машинасининг тўсиқсиз кириб-чиқиши учун улар ташилаётган юкга қараб 200 минг тенгегача (4,8 миллион сўм) ундиришган, бу эса кейинчалик маҳсулот таннархининг ошишига таъсир қилган. Кун давомида божхона постидан 150 тагача транспорт воситаси ўтказилган.

Бундан ташқари, жиноятчилар Ўзбекистон фуқароларининг давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишлари учун жиноий ҳимояни таъминлаган.

Кўздан кечириш чоғида гумонланувчилардан катта миқдордаги пул, ўқотар қурол ва совуқ қурол, «қора касса» ёзувлари, чет эл фуқароларининг паспортлари, шунингдек, махсус техника воситалари олиб қўйилди.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.