Прокуратура ходимлари томонидан Жиззах вилоятида жойлашган тиббиёт коллежининг сохта дипломларини ноқонуний сотиш схемаси фош этилди.
Текширувлар натижасида икки нафар гумонланувчи қўлга олинди.
Тергов маълумотларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида икки фуқарога тиббиёт коллежини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом олишда 2,4 минг доллар эвазига ёрдам беришни ваъда қилган маҳаллий фуқаро қўлга олинган. Гумонланувчи жиноят устида ушланган.
Текширув давомида мазкур схеманинг иккинчи иштирокчиси вилоят касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси ходими бўлиб чиққани маълум бўлди.
У 2,4 минг доллар олаётган вақтида ҳам жиноят устида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 212-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Прокурорлар Жиззах вилоятидаги тиббиёт коллежининг сохта дипломларини сотиш бўйича ноқонуний схемани фош қилди.