Фарғона вилоятида тез ёрдам машинасида вафот этган беморнинг яқинлари тиббиёт ходимини калтаклади.
Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, 12-ноябрь куни эрталаб соат 4 лар атрофида Оқтўмир маҳалласида яшовчи Т.T. касал бўлиб қолган 80 ёшли отасига тез ёрдам машинасини чақирган.
Чақирув бўйича етиб келган бригада қарияга биринчи тиббий ёрдам кўрсатди. Аммо беморнинг қон босими юқорилигича қолаётгани сабабли шифокорлар уни туман марказий шифохонасига ётқизишга қарор қилишган.
Йўлда бемор вафот этди. Буни кўрган Т. Т. ва унинг ўғли Ғ.Х.тез ёрдам хизмати ходими Б. З.ни калтаклаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Риштон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми (баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказган ҳолда безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган, дейилади хабарда.