Самарқанд: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги трактор паркидаги ёнғинни бартараф этди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати Самарқанд вилоятида содир бўлган ёнғин тафсилотларини маълум қилди.

Бугун, 7 апрел куни соат 05:56 да Фавқулодда вазиятлар вазирлигига Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги «Наврўз» фермер хўжалиги ҳудудида жойлашган «Агро сервис» автотрактор паркида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушди.

Воқеа жойига бешта ўт ўчириш бригадаси етиб келган. Ёнғин соат 06:00да маҳаллийлаштирилиб, соат 06:50да ёнғин тўлиқ ўчирилди.

Ёнғин натижасида парк ҳудудидаги 150 квадрат метр майдондаги мулк зарар кўрган. Трактор парки токарлик сехининг томи ва ички қисми шикастланган. Одамлар орасида ҳеч ким жабрланмади.

Ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва ёнғин оқибатида етказилган зарар миқдори ҳали аниқланмаган.