Самарқанд вилоятида 5,4 миллиард сўмлик газ ўғирланиши фош этилди

Самарқанд вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида табиий газ ўғирланиши натижасида давлатга 5 миллиард 400 миллион сўм зарар етказилганлиги аниқланди.

Самарқанд вилоятида 18-ноябр куни ўтказилган назорат тадбири давомида диаметри 159 мм бўлган газ тармоғига ноқонуний равишда уланган автомобилга газ тўлдириш компрессор станцияси (СНГ станцияси) аниқланди.

Тадбир Энергетика вазирлиги штаб-квартираси, “Ўзнефтгазинспексия”нинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда “Худудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ушбу газ қуйиш шохобчаси “Оромгох” кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми 5,4 миллион куб метрни, давлатга етказилган зарар миқдори эса 5,4 миллиард сўмни ташкил этган. Бугунги кунда бу 300 минг хонадоннинг кунлик истеъмоли учун етарли бўлар эди.

Мазкур қонунбузарликлар бўйича ҳужжатлар тегишли чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.