Самарқандда «Макаров» русумли тўппончани 10 минг долларга сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди, буни воқеа акс этган видеоёзувдан кўриш мумкин. Муқаддам кучли таъсир этувчи моддалар контрабандаси ва савдоси учун судланган гумонланувчи жиноий жавобгарликка тортилган.
Самарқанд вилояти бошқармаси ходимларининг Жомбой туманида олиб борилган тезкор тадбирлари натижасида 1977-йилда туғилган тошкентлик шахсни қўлга олиш мумкин бўлди.
Сотиш чоғида гумонланувчи 10 минг долларга таклиф қилган 1 дона «Макаров» тўппончаси ва 96 дона ўқ мусодара қилинди. Унинг хонадонида тинтув ўтказилгандан сўнг, шунингдек, эски намунадаги 5,6 мм калибрли «Монте-Кристо» тўппончаси, турли патронлар, ов милтиғи қисмлари, ўткир буюмлар ва бошқа ашёвий далиллар топилди.
Маълум бўлишича, гумонланувчига нисбатан аллақачон Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) ва 251-1-моддалари (Кучли таъсир этувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш) билан жиноий иш қўзғатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисми, яъни ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портловчи қурилмаларни сотиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.
Ҳибсга олинган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган ва ушбу моддага кўра энг юқори жазо 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.