Шаҳрисабзда Nexia автомобили бетон панжарага бориб урилган

Вилоят ички ишлар бошқармаси Шаҳрисабздаги ҳалокатли ЙТҲга изоҳ бериб, ЙТҲ қурбонларининг яна икки нафарининг соғлиғи ҳақида маълумот берди.

11-июлдан 12-июлга ўтар кечаси М-39 «Тошкент-Термиз» автомобил йўлининг Шаҳрисабз шаҳридан ўтувчи 1171-километрида ҳалокатли ЙТҲ содир бўлди.

Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

«Nexia»ни бошқараётган маҳаллий фуқаро йўловчилар билан бирга Тошкент шаҳрига жўнаб кетган. Номаълум сабабларга кўра у бошқарувни йўқотиб қўйган ва машинаси бетон панжарага бориб урилган. Автомобилда йўловчи сифатида бўлган икки нафар фуқаро ҳаётга тўғри келмайдиган тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Автомобил ҳайдовчиси ва яна бир йўловчи маҳаллий шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.