Сурхондарёда фирибгарлар ўқувчилардан қарийб 300 миллион сўм ундириб олган

Сурхондарё вилоятида икки фирибгар «At Termiziy University» номли хусусий университетни «ташкил қилди». Университет фақат Telegram канали сифатида мавжуд бўлишига қарамай, унинг «ижодкорлари» бўлажак талабалардан 306,9 миллион сўм ундиришга муваффақ бўлишди.

Университет ахборот технологиялари, бошланғич синфларда ўқитиш, иқтисодиёт, тарих, педагогика ва психология бўйича кадрлар тайёрлашни ваъда қилди. Фирибгарларга пул ўтказган талаба бўлиш истагида бўлганлар 73 кишини ташкил қилади.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тақдимномаси асосида ўтказилган терговга қадар текширув давомида маълум бўлдики, Telegram каналига асос солган фуқаролар М.Ю. ва С.С. бўлган. Университет иш юритиши учун рухсатнома олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига ўқишни таклиф этаётган нодавлат олий ўқув юртлари ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикасида тан олинганлигини текширишни сўради. Ишга рухсатномага эга бўлган олий ўқув юртлари рўйхати Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси веб-сайтида эълон қилинган.