Суриялик террорчилар таъсирига тушиб қолган 4 нафар Хивалик қўлга олинди

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларда террорчи ёлловчилар таъсирига тушиб қолган тўрт нафар ёш қўлга олинди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

«Хива шаҳрида яшовчи 2002-2004-йилларда туғилган тўрт нафар ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали террорчилик ташкилотлари мафкурачилари Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Бухорий ва Абдуллоҳ Зуфарлар чиқишларининг доимий тингловчиларига айланишди. Натижада улар мафкура таъсирига тушиб қолишди. Суриядаги халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишга қарор қилди», — дейилади ИИВ хабарида.

Шу мақсадда улар интернет орқали террорчилик ташкилотлари аъзолари билан боғланиб, жангарилар лагерига етиб олиш учун уларнинг ёрдами билан Сурияга боришни режалаштирган.

Мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судининг ҳукмига асосан ушбу шахслар турли муддатларга жиноий жавобгарликка тортилган.

«Юртдошларимиздан муқаддас динимизни бузиб, талқин этувчи шу ва уларга ўхшаган бошқа мафкурачиларнинг «чиройли» маърузаларига берилмасликларини сўраймиз. Эслатиб ўтамиз, терроризм ва ақидапарастлик мафкурачиларининг ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай манбаларидан фойдаланиш, ҳар қандай ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай маълумотлардан фойдаланиш, ҳар бир инсоннинг зиммасидадир. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади», — дейилади вазирлик хабарида.