Текширувлар давомида Тошкент шаҳрида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига оид фактлар аниқланди

Ички ишлар вазирлиги ЙҲХБ жамоат хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати наркотик моддаларни олиб ўтиш фактлари ҳақида маълумот эълон қилди.

«16-сентабр куни соат 09:40 да ЙҲХБ ходимлари Бектемир тумани ҳудудида жойлашган «Шарқ» ЙПХ постида хизмат вазифасини ўтаётиб, 1994-йилда туғилган М.M. бошқарувидаги тўхтаб қолган «Ласетти» русумли автомашинани назоратдан ўтказди. Автомобил салонида холислар ва гувохлар иштирокида кўздан кечирилганда, полиэтилен пакет ичида жигарранг рангли, ўзига хос ҳидли смолали модда аниқланган. Факт ҳужжатлаштирилган, фуқаро М.M. ва аниқланган ашё Бектемир тумани ИИБга топширилди.

Шу куни соат 12:50 ларда Тошкент шаҳрига кираверишдаги Янгихаёт туманидаги «Янгиҳаёт» постида йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан «Ласетти» русумли автомашина кўздан кечирилиб, холислар иштирокида ўзига хос ҳидли оқ кукун аниқланган. Йўловчиси 1989-йилда туғилган У.У.дан 30 дона селлофан пакет ичида топилган. Дарҳақиқат, ҳужжатлар расмийлаштирилган, фуқаро У.У. ва аниқланган моддалар Янгиҳаёт тумани ИИБга топширилди.

Соат 23:35да Бектемир туманида ЙҲХБ ходимлари О.Усмонов ва А.Ўтбосаров хизмат вазифасини бажараётиб, Паркент йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган «Нексия-3″ русумли автомашинани тўхтатди. Текширув давомида ҳайдовчи 1964-йилда туғилган А.Э.да яшил рангли, қуруқ, ўзига хос ҳидли модда борлиги аниқланган. Факт белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, фуқаро А.Э. ва аниқланган ашё Бектемир тумани ИИБга топширилди.

16-сентабр соат 22:40 да Олмазор туманида жойлашган «М. Фозилов» постида ЙПХ ходимлари пойтахтга кириб келаётган Spark русумли автомашинани тўхтатди. Холислар ва гувохлар иштирокида текшириш чоғида, ҳайдовчи 2000-йилда туғилган С.Ж.дан гугурт қутисидан яшил рангли, қуритилган, ўткир хидли модда, шунингдек, полиэтилен пакетга солинган ўзига хос ҳидли оқ кукун борлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро С.Ж. ва аниқланган моддалар Олмазор тумани ИИБга топширилди», — дейилади хабарда.