Тошкент шаҳар статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари порахўрлик билан қўлга олинди

Тошкентда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пойтахт статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосарини пора олаётган вақтида қўлга олди.

ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, 2 март куни корхона раҳбари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига ариза билан мурожаат қилган.

У ўз аризасида Давлат статистика қўмитасининг электрон ҳисоб рақамларига ўз корхонаси реквизитлари нотўғри киритилганлигини кўрсатган. Ўз навбатида, тадбиркор хатони тузатиш мақсадида Тошкент шаҳар статистика бошқармасига мурожаат қилган.

Бироқ у ерда бошлиқ ўринбосарларидан бири СТИР рақамларини тўғрилаш ва электрон ўзгартиришлар киритиш учун 200 доллар талаб қилган. Корхона раҳбари ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга қарор қилди.

Натижада Тошкент шаҳар статистика бошқармаси бошлиғининг ўринбосарларидан бири аризачидан 200 АҚШ долларини олаётган вақтида жиноят устида ушланган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан тегишли модда билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.