Ўзбекистон Республикасининг бир қатор ҳудудларида қарийб 4400 тонна истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини сақлаш ва сотишга уриниш ҳолатлари аниқланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари томонидан истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларини муомалага чиқариш билан боғлиқ бир қанча ҳолатларнинг олди олинди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати хабар берди.
Қибрай тумани бўлими ва солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида A.T. ва У.Х.лар истеъмолга яроқсиз 2200 кг товуқ гўштини сақлашганлиги аниқланди. Тахминларга кўра, гўшт консерва учун ишлатилиши керак эди.
Яна бир ҳолатда, Сирдарё вилояти Гулистон тумани ИИБ ва бошқарма ходимлари томонидан фуқаро O.С.нинг ўзига тегишли “Нексия” русумли автомашинасида истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган 961 кг мол гўштини Тошкент шаҳрига олиб ўтганлиги аниқланган.
Пойтахтнинг Яккасарой туманида департамент ва марказий ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Б.С.ga тегишли “Кобалт” русумли автомашинада истеъмолга яроқсиз 612 килограмм гўшт аниқланган. 22 дона полиэтилен пакетга қадоқланган гўшт ҳайдовчи томонидан Тошкент шаҳрига сотиш учун олиб кетилган.
Сирдарё йўл-патрул хизмати назорат-ўтказиш пунктида Б.E.га тегишли “Cобалт” русумли автомашинани текшириш чоғида Б.У. Тошкент шаҳрига сотиш учун олиб кетаётган истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган 309,1 кг эчки гўшти аниқланган.
Яна бир ҳолатда Қўқон шаҳар солиқ инспекцияси ва бошқарма ходимлари O.A.га тегишли гўшт-колбаса цехида тегишли ҳужжатларсиз сақланаётган 240 кг мол ва товуқ гўштини аниқлаган.
Чилонзор туманида Ш.E.ga тегишли “Дамас” русумли автомашинадан бирламчи ветеринария ҳужжатлари бўлмаган истеъмолга яроқсиз 170 кг мол гўшти топилди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни сотиш ёки сотиш мақсадида ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.