Тошкент вилоятида бир гуруҳ ёш террорчилар қўлга олинди

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати “Катибатул Тавҳид вал Жиҳод” террорчилик ташкилотининг 8 нафар аъзоси муваффақиятли қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Тошкент вилоятида диний муҳитни соғломлаштириш бўйича Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган профилактика тадбирлари давомида мафкуравий таъсир остида бўлган ва “Катибатул-тавҳид” ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаган 8 нафар шахс қўлга олинди.

Қўлга олинганлар 22 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар бўлиб, келажакда Сурияга юқорида тилга олинган террорчилик ташкилоти жангарилари сафига қўшилишга рози бўлган.

Ҳозирда улар устидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.