Тошкент вилоятида бир оила ис газидан заҳарланиб вафот этди

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида уч кишилик оила ис газидан заҳарланиб вафот этгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, ҳодиса 4-декабр куни соат 07:00 да содир бўлган. Заҳарланиш вақтида ётоқхонада 1994-йилда туғилган Ёқубжонов Б., 2002-йилда туғилган Якубжонова С. ва уларнинг янги туғилган қизи (2022-йил) ухлаб ётган бўлган.

Маълум бўлишича, уй эгаси Б.Ёқубжоновнинг газдан 7,5 миллион сўм қарзи бўлган. Шу муносабат билан газ таъминоти бошқармаси ходимлари томонидан уйни пайвандлаш йўли билан тармоқдан узиб қўйган, бироқ истеъмолчи ўзбошимчалик билан табиий газ тармоғига улаб, дебиторлик қарзи борлигига қарамай, ундан фойдаланган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, жабрланувчилар ўпка ва нафас етишмовчилиги натижасида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.