Тошкент вилоятида пневматикадан ўқ отган маст ҳайдовчи қўлга олинди

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари маст ҳолатда бошқа автомашина йўловчиларига қарата ўқ узган “Matiz” ҳайдовчисини қўлга олди.

ИИБ томонидан қўлга олинган вақтда ҳайдовчи маст ҳолатда бўлган. Унинг машинасидан пневматик қурол топилган.

Тошкент вилояти ИИБ ЙБХБ ахборот хизмати хабарига кўра, воқеа 9 март куни содир бўлган. “Matiz” ҳайдовчиси Бўстонлиқ туманининг Азадбош аҳоли пункти яқинида худди шу йўналишда ҳаракатланаётган автомобилни тўхтатмоқчи бўлиб, йўловчиларига қарата пневматикдан ўқ узган.

“Фуқаролар бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ навбатчилик бўлимига хабар беришганида, кўрилган чоралар натижасида “Matiz” русумли автомашина ҳайдовчиси, фуқаро М.А. 1997-йилда туғилган, Бўстонлиқ тумани ИИБ инспектори Э.Игамов томонидан автомашинани ташлаб, қочишга уринганида ушланган.

Холислар иштирокида автомашинани кўздан кечириш чоғида пневматик қуроллар, ҳайдовчининг ўзи эса маст ҳолатда бўлган (тиббий хулосага кўра)”, —деди Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи матбуот котиби Рустам Асқаров.

Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳайдовчи ва ашёвий далиллар қонуний қарор қабул қилиш учун Бўстонлиқ тумани ИИБ ходимларига топширилди.