Тошкент вилоятидаги давлат захираси ерларини 200 минг долларга сотишга уринган

Фирибгар Тошкент вилояти Зангиота туманида давлат захирасидаги ер участкаларини сотиш вақтида ушланди.

Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чилонзор тумани бўлими ходимлари ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда махсус тезкор тадбир ўтказди. Тадбир давомида махсус кимёвий восита билан олдиндан ишлов берилган 40 минг АҚШ доллари аванс пулини олаётган фуқаро ушланди.

Маълум бўлишича, ушбу фуқаро Зангиота тумани Илғор маҳалласи ҳудудидаги умумий майдони 0,5 гектар бўлган давлат қўриқхонаси ер участкасини сотишга ваъда берган. У ушбу ер участкасини вилоят кадастр бошқармасидаги танишлари орқали харидорнинг номига қайта расмийлаштиришни режалаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг «фирибгарлик» ва «пора беришга шериклик» моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.