Тошкент вилоятида Зангиота туманида яшовчи 29 ёшли фуқаро антисанитария шароитида гўшт сақланаётган ноқонуний омбор ташкил қилган.
Бу ҳақда Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан омборни кўздан кечириш чоғида антисанитария шароитида сақланаётган 1 тонна 271 кг гўшт олиб қўйилди.
Мутахассисларнинг дастлабки хулосасига кўра, гўшт санитария талабларига жавоб бермай, инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлиб чиқди.
29 ёшли қассоб Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот ишлаб чиқариш, сотиш учун сақлаш ёки хизмат кўрсатиш) бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.