Тошкентда ҳалокатли автоҳалокат юз берди

Тошкентда «Matiz» русумли автомашина қарши йўлга чиқиб кетиб, икки кишини уриб юборди.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ўлим билан якунланган ЙТҲ содир бўлди.

2022-йил 30-июл куни соат тахминан 15:30 ларда ҳайдовчи 2001-йилда туғилган A.Ш. «Matiz» русумли автомашинада Олмазор туманидаги Форобий кўчаси бўйлаб кетаётган эди.

Тошкент шаҳар ИИБ хабарига кўра, номаълум сабабларга кўра у йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб, 14-оилавий поликлиника олдида йўлни кесиб ўтаётган 1988-йилда туғилган фуқаролар T.Н. ва 5 ёшли Х.M.ни уриб юборган.

Натижада пиёдалар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифохонасига ётқизилган, бироқ шифокорларнинг уринишларига қарамай, жароҳат олган бола вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи A.Ш.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.