Тошкентда бир гуруҳ гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди

Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан интернет тармоғи орқали гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Тошкент шаҳридаги ижарага олинган 3 та хонадонда яширин лабораторияда “мефедрон” синтетик дори воситасини ишлаб чиқариш йулга қўйилган, деб хабар қилди Давлат хавфсизлик хизмати.

Кўрилган махсус чора-тадбирлар натижасида ушбу хонадонлардан оғирлиги 892 грамм, “алфа-ПВП” синтетик наркотик моддалари – 45 грамм “мефедрон” топилиб, процессуал тартибда олиб қўйилди. Шунингдек, хомашё сифатида фойдаланилаётган 360 литрдан ортиқ заҳарли кимёвий моддалар, зарур жиҳозлар ва ҳимоя воситалари топилди.

Шунингдек, гуруҳ аъзолари томонидан яшириб қўйилган 898 гр. «мефедрон», 15 литр ва 12 кг турли хил кимёвий моддалар ва 8 литр «бромокетон» топилди.

Бундан ташқари, улар биткоин криптовалютаси кўринишидаги 113 770 долларни мусодара қилишди.

Гуруҳ аъзолари 1992-2000-йилларда туғилган бўлиб, улардан 3 нафари Тошкент шаҳридаги ва хориждаги нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалардир.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.