Тошкентда ИИВ ходими хизмат вазифасини бажараётиб ҳалок бўлди

Тошкентда Олмазор туманидаги маҳаллалардан бирига чақирув билан келган профилактика инспектори ҳужум оқибатида ҳалок бўлди.

29-ноябрдан 30-ноябрга ўтар кечаси Олмазор туманидаги «Ғалаба» маҳалласи биноси ёнидан туман ИИБ профилактика инспекторининг зўравонлик белгилари билан жасади топилди. Бу ҳақда UzNews.uzга Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида қотиллик муқаддам судланган, 1992-йилда туғилган фуқаро томонидан содир этилганлиги аниқланди. Жиноят жойидан пичоқ топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура томонидан Жкнинг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари айбланувчини ҳибсга олиш чораларини кўрмоқда.