Тошкентда овқатхонада ёнғин содир бўлди

Бугун Тошкент шаҳрида Тошкент давлат техника университети ёнида жойлашган ошхонада ёнғин содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, воқеа бугун, 28-октабр куни соат 13:44 атрофида пойтахтнинг Олмазор тумани, Университет кўчасида жойлашган чойхонада содир бўлган.

Бир неча дақиқада воқеа жойига 4 нафар ўт ўчириш ва қутқарув бригадаси етиб келди. Соат 14:09 да ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлишди.

Қайд этилишича, овқатхона биносининг 120 квадрат метрга яқин майдони ёниб кетган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва қурбон бўлмаган.

Ҳозирда ёнғин сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.