Тошкентдаги ётоқхоналардан бирида ёнғин содир бўлди: 18 киши жабрланди

Газ қувуридаги носозлик туфайли Тошкентдаги ётоқхоналардан бирида ёнғин содир бўлди, натижада 18 киши касалхонага ётқизилди.

Бугун, 29-ноябр куни соат 05:05да Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги “Узмилл” МЧЖ ҳудудида жойлашган ётоқхонада газ-ҳаво аралашмаси алангаланиб, ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бошқарма маʼлумотларига кўра, воқеа жойида 43 нафар ишчи боʻлган. Ёнғин оқибатида улардан 18 нафари турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Қайд этилишича, ҳодиса натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаган.

Воқеа жойига 4 нафар ёнғин-қутқарув гуруҳи етиб келди, ёнғин соат 05:29да локаллаштирилиб, соат 05:43да тўлиқ ўчирилди.

Воқеа ҳолатларини аниқлаш мақсадида тезкор-тергов гуруҳи тузилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаво-газ аралашмасининг пайдо бўлишига газ қувуридаги носозлик туфайли хонада газ тўпланиши сабаб бўлган.