“Тошкентшаҳаргаз”нинг собиқ ходими пора олаётганликда гумонланиб қўлга олинди

Маълум бўлишича, “Тошкентшаҳаргаз” корхонаси ходими коррупция жиноятини содир этишда гумонланиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.

“Тошкентшаҳаргаз” корхонасининг собиқ ходими оилавий корхонани газ тармоғига улаш учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 16,5 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Юнусобод тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Тошкентшаҳаргаз” корхонасининг собиқ ходими Б.Н. қўлга олинди, деб хабар берди департамент матбуот хизмати.

Тергов маълумотларига кўра, у ўзининг расмий гувоҳномасини қалбакилаштириб, оилавий корхонани газ тармоғига улаш учун ҳужжатларни тайёрлашга ваъда берган. Б.Н. ўз хизматлари учун 16,5 миллион сўм олаётган вақтида ушланди.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик), 28, 211 (пора бериш) ва 228-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни тайёрлаш, қалбакилаштириш, уларни сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.