Умра зиёрати: фирибгарлар фош этилди

Ўзбекистон пойтахтида фуқароларни Умрага ноқонуний жўнатиш билан шуғулланган масъулияти чекланган жамият фош этилди.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган МЧЖ фуқароларни ҳеч қандай рухсатисиз ҳаж зиёратига жўнатгани маълум бўлди.
Маълум қилинишича, Х.A. Наманган вилоятида яшовчи икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Тошкент-Дубай-Жидда йўналиши бўйича зиёратга жўнатишга ваъда беради. У ўз хизматлари учун 6,2 минг Ақш доллари талаб қилган ва 3,1 минг Ақш доллари миқдоридаги аванс тўловини олаётган вақтда қўлга олинган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари корхона идораси ва автомашиналарини текшириш чоғида 116 нафар фуқаронинг паспортини аниқлади. Шунингдек, компания 66 нафар фуқародан 162 минг доллар олгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари МЧЖ ўз мижозларини давлат чегараси орқали БАА ва Саудия Арабистонига жўнатиш учун Марказий Осиё республикалари фуқароларининг қалбаки паспортларидан фойдаланганлиги аниқланган.

МЧЖ масъул шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.