Зарафшон миллий боғида ёнғин чиқди

Жомбой туманидаги «Зарафшон» табиий миллий боғида ўрмон ёниб кетди. Қурбонлар йўқ.

Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, 2022-йил 29-июн куни соат 13:15 да Жамбой тумани ИИБга Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудидаги ўрмонда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.

Шундан сўнг, соат 13:27 да ёнғин-қутқарув бўлинмалари воқеа жойига етиб келган. Соат 14:40да ёнғин маҳаллийлаштирилиб, соат 17:00да ўчирилган. Ёнғинни ўчириш учун ЎФВВнинг 6 нафар ёнғин-қутқарув бригадаси жалб қилинган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ёнғин сабаблари ва моддий зарар ўрганилмоқда.

Ушбу паркда кўпинча ёнғинлар содир бўлади. Хусусан, 2020-йил 26-июлга ўтар кечаси содир бўлган ёнғин вақтида боғнинг 2000 квадрат метр майдони қамраб олган.

Бундан ташқари, 2021-йил 3-июл куни содир бўлган ёнғин натижасида боғнинг 1,5 гектар майдондаги ўсимликлари ёниб кетган. Шунингдек, 2022-йил 21-феврал куни Зарафшон миллий табиат боғида ёнғин содир бўлиб, оқибатида 25 гектар майдондаги дарахтлар ва буталар ёниб кетган.