Ўзбекистон Республикаси пойтахтида шифокор хонасида бир эркак ва икки қиз муштлашиб кетди

Ўзбекистон Республикаси пойтахтида шифокор хонасида эркак ва икки қиз ўртасида можаро келиб чиқди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бир эркак 2 қиз билан жанжаллашгани акс этган видео тарқалган эди.

Тошкент шаҳар ИИБ хабарига кўра, воқеа 4-май куни соат 20:30 атрофида Юнусобод туманидаги хусусий тиббиёт клиникаларидан бирида содир бўлган. Бу ҳақда ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Икки нафар аёл — 30 ёшли Ю.Л. ва унинг 26 ёшли синглиси Ю.Х.лар навбатни четлаб ўтиб, шифокор хонасига киришган. Бу ҳолат клиникага ташриф буюрган 29 ёшли йигитни хурсанд қилмади, у ўз норозилигини билдирди. Эркак ва қизлар ўртасидаги оғзаки жанжал ҳужумга айланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.