Ўзбекистон сузиш федерацияси ходимлари 1 миллиард сўмни ўғирлаб кетишди

Бош прокуратура мутасадди идоралар билан биргаликда Ўзбекистон сузиш федерациясига ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини ўрганди.

Назорат агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, тергов давомида федерация мансабдор шахслари ва бошқалар ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жамоат манфаатларига катта миқдорда зарар етказганликлари аниқланган.

Қайд этилишича, терма жамоа таркибида ва унинг захирасида бўлмаган фуқаро Волгограддаги халқаро йиғинга жўнатилган ва 72 миллион сўм бюджет маблағлари асоссиз равишда сарфланган.

2021-йилнинг октабр-декабр ойларида жами 287 нафар спортчи “Д” МЧЖ меҳмонхона хизматларидан фойдаланмаган, бироқ электрон ҳисоб-фактураларга нотўғри маълумотлар киритиш орқали 1 миллиард сўм пул ўғирланган.

Маълум қилинишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.