Ўзбекистонда 356 минг долларни мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган икки шахс қўлга олинди

Бекободлик қўшни республикага ноқонуний равишда чет эл валютасини ҳақ эвазига олиб чиқишга рози бўлган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят божхона бошқармаси ва чегара қўшинлари билан ҳамкорликда Бекобод шаҳридаги соддалаштирилган «Казарма» назорат-ўтказиш пункти орқали йирик миқдордаги хорижий валютани олиб ўтмоқчи бўлган икки нафар шахсни қўлга олди.

Шахсий тинтув чоғида Бекобод шаҳрида яшовчи 42 ёшли фуқародан 166 минг доллар, унинг 28 ёшли шеригидан эса 190 минг доллар борлиги аниқланган. Жами 356 минг доллар процессуал тартибда олиб қўйилди.

Фото: Ўзбекистон Республикасида 356 минг долларни ноқонуний йўллар билан мамлакатдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган икки аёл қўлга олинди.

Маълум бўлишича, улар Тожикистоннинг Махмуд исмли фуқароси илтимосига кўра Бекобод шаҳрида номаълум шахслардан чет эл валютасини олиб, кийимларига яшириб, тўлов эвазига Тожикистонга олиб кетмоқчи бўлган.

Ҳозирда мазкур факт бўйича жиноий иш қўзғатилган. Хорижий валютанинг ҳақиқий эгаларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.