Ўзбекистонда қимматбаҳо олтин тангани ноқонуний сотишда гумон қилинган шахслар қўлга олинди

Маданий мерос агентлиги маълумотларига кўра, ушбу тилла танганинг ҳозирги қиймати 1 миллиард сўмга баҳоланмоқда.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлимининг Яккасарой тумани бўлими ҳамда пойтахт ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.

Маълумотларга кўра, гумонланувчилар 1902-йилда ишлаб чиқарилган, оғирлиги 32,22 грамм бўлган 1 дона Николай-II олтин тангасини 100 минг долларга сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган. Уларнинг ихтиёрида ашёвий далиллар бор эди.

Маданий мерос агентлигининг расмий экспертизасига кўра, ушбу тилла танганинг ҳозирги қиймати 1 миллиард сўмга баҳоланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта бойликларини қонунга хилоф равишда эгаллаш ёки сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.