Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида ДХХ ходимлари томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишининг олди олинди

Самарқанд вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда гумон қилинган шахслар қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, Иштихон туманида яшовчи 1982-йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Nexia» русумли автомашина Самарқанд ва Навоий вилоятлари чегарасидаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспексияси назорат-ўтказиш пунктида тўхтатилиб, кўрикдан ўтказилган.

Автомобил салонидан 2 килограмм 27 грамм афюн топилиб, олинди. Тожикистондан олиб чиқиб кетилган гиёҳванд моддалар сотиш учун Хоразм вилоятига олиб келинган.

Яна бир ҳолатда, Самарқанд шаҳридаги «Чупон ота» постида тинтув ўтказилган автомашинада Бекобод шаҳрида яшовчи 1982 ва 1996-йилларда туғилган икки нафар фуқародан 984 грамм гашиш гиёҳвандлик моддаси топилиб, олиб қўйилди.

Уларнинг шериги, 1995-йилда туғилган, уч марта судланган Бекобод шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам Булунғур туманида «Nexia» русумли автомашинада 989 грамм гашиш олиб кетаётганида қўлга олинди.

Самарқанд вилоятида ҳам гуруҳ ташкилотчиси, 1995-йилда туғилган, Тожикистондан наркотик моддаларни олиб ўтиш билан шуғулланган Бекобод шаҳрида яшовчи шахс қўлга олинди.

Худди шу йўналишда Фарғона ва Андижон вилоятлари ДХХ ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.

Улардан бири, Қува туманида яшовчи, муқаддам судланган, 1991-йилда туғилган, 1 килограмм 986 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини ўзининг шериги, Андижон шаҳрида яшовчи 30 ёшли фуқарога сотиш учун ўтказиб юборганида икки нафар гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.

Маълум бўлишича, гиёҳванд моддалар Қирғизистон фуқаросидан 5 минг долларга сотиб олиниб, айланма йўл орқали Қува туманига етказилган.

Бешариқ туманида яшовчи 1984-йилда туғилган фуқаро тожикистонлик гиёҳванд моддалар сотувчисидан 5000 АҚШ долларига сотиб олиб, 940 грамм афюнни Қўқон шаҳрига олиб ўтиб, 1977 ва 1979-йилларда туғилган икки нафар муқаддам судланганга сотаётган вақтида қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларда гумон қилинган шахслар бир қатор қўлга олинди.

Қўқон шаҳрида 826 дона «Регапен» ва 80 дона «Тропикамид» психотроп дори воситаларини 2000 АҚШ долларига сотаётган, муқаддам судланган 1987-йилда туғилган фуқаро қўлга олинди.

Наманган-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланаётган «Nexia» русумли автомашина Пап туманидаги Наманган ЙПХ постида тўхтатилди.

Холислар иштирокида автомашина кўздан кечирилганда, йўловчи, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1989-йилда туғилган шахснинг ёнида 2237 дона «Регапен», 400 дона. «Целлофен» ва 300 дона. «Тропикамид» дори воситалари борлиги аниқланган..

Маълум бўлишича, Қирғизистон фуқароси томонидан Давлат чегараси орқали Учқўрғон вилояти ҳудудини четлаб ўтиб олиб ўтилган моддалар Тошкент шаҳрида сотилиши режалаштирилган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.